Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Академик Акмал Саидов: Марказий Осиё минтақавий ривожланишнинг барча жиҳатларига таъсир кўрсатувчи жиддий геосиёсий ўзгаришлар давридан ўтмоқда


“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2021 йил 15 июлдаги сонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Фанлар академияси академиги Акмал Саидовнинг “Марказий ва Жанубий Осиёга янгича геосиёсий мезон билан ёндашув" сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Қуйидаги ушбу мақоланинг тўлиқ матни келтирилмоқда.

“Замонавий дунё дуч келаётган жадал глобал ўзгаришлар нуқтаи назаридан қараганда, Марказий Осиё ҳудуди минтақавий ривожланишнинг барча жиҳатларига — сиёсат ва иқтисодиёт, экология ва маданий-гуманитар мезонларга таъсир кўрсатувчи жиддий геосиёсий ўзгаришлар даврини босиб ўтаёганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида қайд этганидек, “Маълумки, Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган. Бизнинг минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилган.

Ушбу қутлуғ заминда дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк гуманист олимлар, мутафаккир ва шоирлар яшаб ижод қилган. Бу ерда улкан табиий захиралар, катта инсоний салоҳият мавжуд”.

 

Марказий Осиё тамаддунининг ўзига хослиги

 

Марказий Осиё бўйича олиб борилган кўп сонли тадқиқотлар натижалари минтақанинг инсоният ривожланишидаги ўрни нечоғли муҳим эканидан далолат беради. ЮНЕСКО шафелигида чоп этилган олти жилдлик “Марказий Осиё цивилизациясининг тарихи” китоби ана шу масалани ёритишга бағишланган.

Биринчи хусусият. Бу кўҳна заминда археологлар томонидан аниқланган кашфиётлар, бир томондан, уларнинг бетакрорлигидан, иккинчи томондан — қўшни цивилизациялар билан эрта ва яқин алоқалардан далолат беради.

Бу ерда қарийб уч минг йил аввал Марказий Осиё, Афғонистон ва Эрон халқларининг кўп қиррали маънавий-тарихий ёдгорлиги — “Авесто” яратилган. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу қадимий ёзма асар яккахудолик (монотеизм) ғоясини илгари суриб, инсоният дунёқарашига, фалсафа, давлат ва ҳуқуқ тизимининг ривожланишига, дунёда яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалабаси ғоялари тарқалишига, адолатли ижтимоий бошқарув, эзгу иш ва эзгу амал, муносабатларнинг ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари асосида қурилиши каби омилларга жиддий таъсир кўрсатган.

Иккинчи хусусият. Марказий Осиё минтақасида давлатчилик асослари шаклланган ва Ҳараппа цивилизацияси, Сўғдиёна, Бақтрия, Хоразм, аҳамонийлар давлати, Юнон-Бақтрия ва Кушон подшолиги, Турк хоқонлиги, Темурийлар ва Бобурийлар салтанатлари тарихда чуқур из қолдирган.

Учинчи хусусият. Ривожланган инфратузилма минтақа халқларига асрлар давомида Қадимги Рим, Қадимги Хитой (Буюк Ипак йўли) билан муваффақиятли савдо-сотиқ олиб бориш имконини берди. Ҳиндистон билан савдо ишларини юритишда энг оммавий йўналишлардан бири (Буюк ҳинд йўли) Қадимги Бақтрия орқали ўтган.

Жадал савдо алоқалари, миграция оқими, илмий ғоялар ва ўзаро маданиятлар алмашинуви Марказий Осиё билан қўшни Жанубий Осиё ўртасида яқин ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни шакллантирди.

Тўртинчи хусусият. Ушбу икки минтақанинг ўзаро ҳамкорлиги тарихи умумжаҳон ривожланиш жараёнига жиддий таъсир кўрсатди. Бу улкан ҳудудни ҳақли равишда жаҳон цивилизациясининг энг қадимги бешиги, деб аташ мумкин.

Масалан, Марказий Осиёнинг Жануби-ғарбий ҳудудидаги энг кўп ўрганилган маданий ёдгорликлар орасида Олтинтепа цивилизацияси мавжуд. Археологларнинг топилмалари Олтинтепа цивилизациясининг Месопотамия ва Ҳинд водийси маданиятлари, шунингдек, Яқин Шарқдаги Элам давлати билан яқин алоқаларидан далолат беради.

Бешинчи хусусият. Марказий ва Жанубий Осиё халқлари умумий маънавий-ахлоқий қадриятларга эга бўлиб, бу уларнинг буюк шоиру алломалари — Юсуф Хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Ҳайдар, Махтумқули, Мирзо Ғолиб, Рабиндранат Тагор, Абай, Садриддин Айний ва бошқаларнинг ижодида ўз ифодасини топган.

Янги тарихий давр, яъни жаҳон салтанатларининг “катта ўйини” даврига келиб эса, асрлар давомида қарор топган узвий алоқалар, афсуски, узилиб қолди.

 

Ўзбекистон Президентининг минтақавий ўзаро муносабатларни тиклаш бўйича ташаббуслари

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев минтақамизнинг жадал ривожланиш истиқболлари ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини стратегик жиҳатдан теран кўра билгани туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу геосиёсий ёндашув ташқи алоқаларнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш орқали минтақамизнинг улкан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун вужудга келаётган янги имкониятларни тушунишга асосланган.

Ҳозирги пайтда ҳар икки минтақа ўртасида ўзаро алоқаларни тиклаш учун объектив омиллар мавжуд. Бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари изчиллик билан амалга оширилаётган миллий стратегиялар ва тузилмавий ислоҳотлар туфайли иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланиш йўлидан изчил ҳаракатланмоқда. Шу билан бирга, энг аввало, савдо, саноат, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари ва инфратузилма, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, ижтимоий муҳит сифати ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш соҳаларида минтақавий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали ҳал қилишга интилмоқда.

АҚШлик эксперт Ф.Старрнинг фикрича, “Президент Шавкат Мирзиёевнинг трансминтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббуси халқаро аҳамиятга эга. Шу маънода, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг глобал кун тартибини шакллантирувчи саноқли давлатлар сафидан ўрин эгаллашига олиб келади”.

Бу, ўз навбатида,  Шавкат Мирзиёевнинг Президентлиги даврида Ўзбекистон нафақат ўз атрофида Марказий Осиё давлатларини бирлаштира оладиган минтақавий етакчи мақомини мустаҳкамлашга, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам уларнинг манфаатларини илгари сурувчи ишончли етакчи бўлишга қодир давлатга айланганини яққол намоён этади.

 

Марказий Осиё хавфсизлик, изчиллик ва

барқарор ривожланиш минтақаси

 

Хорижлик халқаро экспертларнинг эътирофича, ҳозирги пайтда бунинг учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратилган. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилди ва буларнинг барчаси сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, яқин қўшничилик алоқаларининг изчиллик билан ривожланиши, кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик тимсолида ўз ифодасини топмоқда. Аввалги тарқоқлик ўрнини эндиликда минтақа мамлакатларининг ўзаро аҳиллиги, қалин дўстона муносабатлари ва янада фаол ҳамда манфаатли ҳамкорлиги эгалламоқда.

Ушбу ижобий ўзгаришларнинг замирида Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан бошланган ташқи сиёсатнинг “қайта йўлга қўйилиши” турибди. Бу муҳим  жараён аввалбошданоқ қўшни мамлакатлар билан мураккаб масалалар ечимини излашга йўналтирилди. Бундай тўғри ёндашув минтақанинг ялпи сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар манзарасига ижобий таъсир кўрсатмай қолмади. Ушбу сиёсат асосини “Марказий Осиёни хавфсизлик, изчиллик ва барқарор ривожланиш минтақасига айлантириш устуворлиги” ташкил этади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусининг амалга оширилиши минтақамизнинг сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. 2019 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё саммити иштирокчиларининг қўшма баёнотида таъкидланганидек, “Марказий Осиёда шаклланган минтақавий яқинлашув тенденцияси — бу тарихан қарор топган воқеликдир”.

Минтақавий ҳамкорликка қўшимча туртки бериш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон Президенти томонидан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу янги илмий тадқиқот институтининг мақсади минтақа мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигининг сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа жиҳатларини таҳлил этиш, Марказий Осиёнинг тарихий-маданий меросини тадқиқ қилиш, миллий маданий қадриятларни асраб- авайлаш ва мустаҳкамлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Ҳозирги пайтда минтақамизда, коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарамай, ҳамкорликнинг чуқурлашуви бўйича барқарор тенденция кузатилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Жаҳон банки минтақада 2021 йилда 3,7 фоиз, 2022 йилда 4,3 фоизгача иқтисодий ўсиш бўлишини тахмин қилмоқда.

70 миллиондан кўп аҳолига эга Марказий Осиё кенг кўламли иқтисодий, энергетик, транзит-транспорт, аграр, шунингдек, интеллектуал ресурсларга бойдир.

“Boston Consulting Group” халқаро консалтинг компанияси маълумотларига кўра, минтақа иқтисодиёти реал секторининг инвестициявий салоҳияти 40–70 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Умуман, Марказий Осиёнинг тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича салоҳияти 170 миллиард АҚШ долларига тенг.

Дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг глобал кўламда камайиб бориши асносида Марказий Осиё мўътадил ўсиш суръатини намойиш этмоқда ва халқаро сармоя учун янги “фронтир”га, яъни тарихий аҳамият касб этадиган маконга айланиши ҳеч гап эмас.

Айни пайтда денгизга олиб чиқадиган йўли бўлмаган ва энг яқин бандаргоҳлардан уч минг километр олисда жойлашган Марказий Осиё мамлакатларининг геосиёсий барқарорлиги ва мўътадил иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан ялпи мақсадларга эришиш ва стратегик вазифаларни ҳал қилиш мақсадида яқиндан минтақавий ҳамкорлик қилишга боғлиқ.

Шундай қилиб, Марказий Осиё минтақалараро ҳамкорлик босқичининг тамомила янги босқичига кўтарилиш учун сиёсий жиҳатдан ҳар томонлама мувофиқлаштирилган хатти-ҳаракатларни амалга ошириши жуда ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Осиё минтақаси Марказий Осиё учун ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг ўта муҳим стратегик йўналишини тақдим этади.

 

Жанубий Осиё: геоиқтисодий салоҳият

 

Жанубий Осиёнинг жаҳон хўжалик алоқалари тизимидаги роли ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Умумий аҳоли сони қарийб икки миллиард кишига тенг бўлган, ЯИМ йилига 6,6–7,2 фоиз ўсаётган, номинал ЯИМ 3,461 триллион долларни ташкил этувчи ушбу минтақа бугунги кунда глобал иқтисодий марказлардан бири ҳисобланади.

Ҳар икки минтақа ўртасида товар алмашинуви ҳажми ортиб бормоқда. Хусусан, 2020 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё давлатлари билан ташқи савдосининг умумий ҳажми 1,38 миллиард долларни (ёки 3,8 фоиз) ташкил этган. Қозоғистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдосининг умумий ҳажми 2,3 миллиард долларга (2,3 фоиз) тенг. Умуман олганда, 2020 йил якунларига кўра, Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси қарийб 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Демак, келгусида бу тенденция тобора ва тез суръатларда кучайиб бориши тайин.

Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика салоҳиятига Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган иқтисодиётида талаб изчил кучаймоқда. Бу Марказий Осиёдан Афғонистон орқали жанубий йўналишда электр энергияси узатиш тармоғи қурилиши бўйича лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун шарт-шароит яратади. Марказий ва Жанубий Осиё энергетика нуқтаи назаридан бир-бирини тўлдиради. Сўнгги ўн йилликда Марказий Осиё давлатларидан Покистон ва Ҳиндистонга газ ҳамда электр энергиясини экспорт қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани бежиз эмас.

Ана шундай лойиҳалар орасида Афғонистон электр энергетикасини ривожлантириш бўйича CASA-1000 ва Покистон, келажакда эса Ҳиндистон иштирокида минтақавий электр тармоғини ривожлантириш бўйича лойиҳалар, Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурини ўтказиш, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси энергия тизимини Ўзбекистон ва минтақанинг энергия тизимига улаш имконини берувчи “Сурхон — Пули Хумри” электр энергияси узатиш тармоғини қуриш бўйича лойиҳалар алоҳида ўрин тутади.

Қўшма ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва тегишли кенг кўламли коммуникация тармоғи яратилмаса, минтақавий интеграция самара бермайди. Бу ўринда Марказий Осиё минтақасининг муҳим транспорт коммуникациялари узели сифатидаги стратегик аҳамияти каттадир. Минтақамиз яқин орада Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқ ўртасида боғловчи бўғинга айланиши мумкин ва шундай ҳам бўлмоқда. Айни пайтда минтақа ўзининг транспорт-коммуникация салоҳиятини ва денгиз бандаргоҳларига чиқиш имкониятини ошириб бормоқда.

Ҳинд океани томон янги транспорт йўлакларининг очилиши Марказий Осиё мамлакатларига Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан савдо қилишда қитъалараро ташувлар имкониятини яратади. Айни пайтда Шимол — Жануб йўналишида юклар оқимининг кўпайиши Ғарб — Шарқ йўналиши бўйича савдо айланмасининг транспорт-логистика муаммоларини самарали ҳал қилишга, Европа Иттифоқидан ХХРга юкларнинг ҳаракатланишига нисбатан Хитойдан Ғарб томон юк оқимининг кўпайиши билан боғлиқ мувозанатсизликни тўғрилашга ҳам ёрдам бериши мумкин.

АСЕАН ва умуман, Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари Жанубий ва Марказий Осиё минтақаларининг ўзаро транспорт боғлиқлигини яхшилашда том маънода ишончли ва ҳурматга сазовор ҳамкорларимизга айланишлари мумкин. Натижада улар Ҳинд океани бандаргоҳлари ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё темир йўллари орқали Евроосиё ва Шарқий Европа бозорларига янада қулай чиқиш имкониятини қўлга киритади.

 

Афғонистон минтақани ўзаро боғловчи марказ

 

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий бўғини — умумий минтақамизнинг ажралмас қисми ҳисобланган Афғонистондир. Бугунги кунда Афғонистоннинг халқаро инфратузилма лойиҳаларига интеграциялашуви ва Марказий Осиё давлатларини Жанубий Осиё минтақаси билан боғлашга мўлжалланган транспорт йўлакларини ривожлантиришнинг янги стратегик имкониятлари очилмоқда.

Шу сабабли БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи доирасида давлатимиз раҳбари томонидан минтақамизнинг глобал иқтисодий ва транспорт йўлакларига чуқур интеграциялашувини таъминлаш учун БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш ташаббуси илгари сурилди.

Германиялик эксперт Г.Кнабенинг таъкидлашича, Афғонистон азалдан транзит мамлакат — тарихан трансминтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий бўғини, таъбир жоиз бўлса, ҳамкорлик кўприги ҳисобланади. Бинобарин, Афғонистоннинг кейинчалик йўқолиб қолган ана шу ўта муҳим ролини тиклаш орқали  икки минтақа ўртасидаги барқарорликни “жипслаштирувчи” механизмга эга бўлишимизга шубҳа йўқ.

Россиялик эксперт Т.Бордачёв эса Ўзбекистоннинг трансминтақавий лойиҳаларни амалга оширишни биринчи ўринга қўйиши мутлақо тўғри, чунки ушбу лойиҳалар Афғонистонда тинчлик учун ўзаро мақбул формулани қидириб топишнинг асосий драйверларига айланиши мумкин, деган фикрда.

Экспертларнинг таъкидлашича, Афғонистоннинг иқтисодий реконструкцияси учун янада қулай шароит яратиш, унинг минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга янада самарали интеграциялашуви ва ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ҳамда барқарор ривожланишига қўшни давлатларнинг қизиқишини мустаҳкамлаш — буларнинг барчаси Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш дастурининг улкан самараси бўлиши тайин.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ташаббуси билан “Мозори шариф — Кобул — Пешовар” темир йўлининг қурилиши Афғонистон ташқи савдосининг 50 фоиз ўсишини таъминлаши ва транзитдан Кобулга йилига 400–500 миллион доллар даромад келиши мумкин.

Ўз навбатида, Жанубий Осиё мамлакатлари нуқтаи назаридан ушбу темир йўл тармоғининг ишга туширилиши Марказий Осиё, МДҲ ва Европага товарлар етказиб бериш муддатини сезиларли даражада қисқартиради. Марказий Осиё мамлакатлари нуқтаи назаридан эса трансафғон йўлаги Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига мутлақо янги ва энг қисқа йўлни очиб беради.

Умуман олганда, ушбу магистралнинг ишга туширилиши Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг инклюзив иқтисодий ривожланишга эришиши учун қудратли платформани яратади. Лойиҳа Афғонистон ички транспорт-коммуникация тармоғини кенгайтириш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг янада кенг инфратузилмавий ўзаро боғлиқликнинг ажралмас қисмига айланишига хизмат қилади.

Россия, Хитой ва АҚШ мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Жаҳон банки, ОТБ, ЕТТБ, ИТБ, ОИИБ, Халқаро тараққиёт молия корпорацияси вакиллари Пешовар йўналишида темир йўл қурилишига қизиқиш билдирди.

Марказий Осиё давлатлари ва Эрон орқали Ҳиндистонга, Яқин Шарқ мамлакатларига ҳамда қайтиш йўналишида — Евроосиё ва Хитой томон транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда товарлар транзити Афғонистонга ҳам сезиларли самара келтириши мумкин.

Бу йўналишда Шимол — Жануб ва Ғарб — Шарқ йўналишлари бўйлаб транспорт йўлакларини боғлайдиган Марказий Осиё транспорт йўлаклари ривожланиши алоҳида аҳамиятга эга. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўл лойиҳасининг “Бир макон, бир йўл” кенг транспорт йўлаклари тармоғига киритилиши ва Ҳинд океани портларига чиқиши Афғонистоннинг халқаро ва минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол боғланишини таъминлайди.

Трансминтақавий магистраллар билан уланадиган “Мозори шариф — Кобул — Пешовар” трассаси каби йирик иқтисодий лойиҳалар Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш ва бу мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти йўлидаги бирлаштирувчи саъй-ҳаракатларнинг бошланишидир.

Икки минтақанинг ўзаро транспорт-иқтисодий боғлиқлигини мустаҳкамлаш Осиё қитъаси бўйлаб савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига катта ижобий таъсир кўрсатиши, Марказий Осиё минтақаси йирик транспорт ва кейинчалик иқтисодий марказга айланиши муқаррар.

 

Халқаро анжумандан кутилаётган натижалар

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилмоқда.

Конференция якунларига кўра, биринчи навбатда, икки минтақанинг транспорт ва транзит салоҳиятини амалиётга жорий этиш, истиқболли бозорларга чиқиш, экспортни кенгайтириш, инвестициялар, инновациялар ва технологияларни жалб этиш, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиши кутилмоқда.

Иккинчидан, ушбу минтақаларда инновацион муҳит яратиш, йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, албатта, замонавий транспорт-коммуникация инфратузилмаси, Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар билан боғлайдиган телекоммуникация, ишлаб чиқариш ва технологик тармоқларни ривожлантириш учун кучли туртки бўлади.

Учинчидан, энг муҳими — минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббуси дунёнинг кенг, стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудида инновацион иқтисодий ўсиш, барқарор тараққиёт ва тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиб, унинг олға ривожланиши яқин ўн йилликда кўп жиҳатдан дунё ривожланиши динамикаси ва характерини белгилаб беради.

Тўртинчидан, халқаро конференция натижалари нафақат Президент Шавкат Мирзиёев улкан интеграция лойиҳаси ғоясининг муаллифи эканини шоён этади, айни чоғда Ўзбекистонга минтақавий ўзаро боғлиқлик сари улкан трансминтақавий йўлни очишга ҳаракат қилаётган ўзига хос "локомотив", яъни етакчи мақомини ҳам тақдим этади.

Бешинчидан, хорижлик экспертлар давлатимиз раҳбари ташаббусига Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсат стратегиясининг мантиқий давоми сифатида баҳо берадилар. Анжуман доирасида Тошкент ташқи ҳамкорларни субминтақавий миқёсдаги лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақиради. Бу дадил одимлар бугунги кунда Ўзбекистоннинг бутун дунё қўллаб-қувватлаётган Афғонистон борасидаги сиёсатини, айниқса, ҳар жиҳатдан тўлдиради.

Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев сиёсий башорат, яъни олдиндан кўра билиш ва тўғри чамалашдек ноёб қобилиятга эга”.

 

(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2021 йил 15 июль)

 



  ...