Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Қийноқлар инсониятга қарши жиноятдир. Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган қарор қийноқлар қўлланилишининг олдини олишнинг профилактик механизмлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган


«Правда Востока» газетасининг бугунги сонида  Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан «Қийноқлар инсониятга қарши жиноятдир. Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган қарор қийноқлар қўлланилишининг олдини олишнинг профилактик механизмлари тизимини такомиллаштиришга қаратилган» сарлавҳали суҳбат чоп этилди.

“Ўзбекистон Президенти 2021 йил 26 июнь куни «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан  ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Президентимизнинг қарори айнан бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни нишонланаётган муҳим санада қабул қилингани бежиз эмас, – деди А.Саидов. – Бу воқелик Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида шиддатли ва аниқ тизимли ислоҳотларни амалга ошириш асносида мазкур йўналишдаги синовдан ўтган халқаро тажриба ҳамда дунё андозаларига ҳар томонлама уйғунлашишга қатъият билан интилаётганининг яна бир яққол далолатидир.

Аслида, инсонни қийноққа солишдан мақсад унинг шахси ва шаънини оёқости қилиш, ор-номуси ва қадр-қимматини топташ ҳамда хўрлашдир. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланувчи Ўзбекистон ҳам қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келади.

Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ва қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси талабига кўра, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Бу ҳақда сўз борганда, БМТ Бош Ассамблеяси 1997 йилда  26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни, деб эълон қилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур халқаро санада дунё миқёсида қийноқларга бутунлай барҳам бериш ҳамда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси янада самарадор ишлашини таъминлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилади.

Мамлакатимизда ҳам ушбу сана ҳар йили нишонланади. Айниқса, жорий йилда Ўзбекистон Президенти ўзининг бу борадаги Қарорини худди шу куни қабул қилгани келгусида мазкур сананинг биз учун миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятини янада оширади.

– Қарорнинг қабул қилиниши қандай омиллар билан боғлиқ?

– Ўзбекистон Президенти 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишини таъкидлар экан, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлигига эътиборни қаратганди. Нега деганда, афсуски, мазкур соҳада қийноққа солиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди.

Масалан, қийноққа солиш жинояти 2017 йилда – 7 та, 2018 йилда – 10 та, 2019 йилда –16 та, 2020 йилда ҳам 16 та қайд этилган. Бу ачинарли ҳол фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ва мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётгани айни ҳақиқат бўлиб, Юртбошимиз бунга бефарқ қараб туролмасди.

Давлат раҳбари, авваламбор, Олий Мажлис палаталари ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ зиммасига қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан ўз таклифларини ишлаб чиқиш вазифаларини юклади. Бунда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилиши зарурлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Олий Мажлис палаталари ҳар йили Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши кўрсатиб ўтилди.

Бу муҳим вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, 2020 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳолатини ўрганиш мақсадида 76 та мониторинг тадбирини амалга оширган. Бу тадбирларда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мутахассислари ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Энг асосийси, сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ислоҳотларнинг амалдаги босқичи қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш масаласини кун тартибига қўйди.

Мазкур долзарб масала Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ўз аксини топди. Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борада аниқ вазифалар назарда тутилди.

 Яъни, ушбу Қарор Президентимизнинг дастурий маъруза ва нутқлари, шунингдек Миллий стратегия ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қабул қилинган. Қарордан кўзланган мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштиришдан иборат.

 - Қарорда бу борада қандай вазифалар кўзда тутилмоқда?

– Авваламбор, Президентимиз қарорида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қуйидаги устувор вазифалар белгилаб берилди:

биринчидан, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш;

иккинчидан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларни муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилишини қатъий таъминлаш;

учинчидан, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш;

тўртинчидан, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш;

бешинчидан, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

олтинчидан, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолият натижалари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш;

еттинчидан, қийноққа солишнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг миллий институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш.

– Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

– Бу ўринда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида тузиладиган Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ҳақида сўз бормоқда. Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилади.

Бунда ана шу мутахассисларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлиши ҳамда гендер тенглиги таъминланиши ҳисобга олинади.

Жамоатчилик гуруҳларининг асосий вазифалари ҳам Президент Қарорида кўзда тутилган. Булар, асосан, гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга оширишдан иборатдир.

Эътибор берган бўлсангиз: Қарорда ушбу махсус муассасаларга нисбатан «ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар» деган ягона атама қўлланган.

Эндиликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиёти йўлга қўйилади. Бинобарин, «Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри» электрон тизими ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг яқин қариндоши, қонуний вакили ва адвокати шахс сақлаб турилган жой ва вақт билан боғлиқ маълумотларни олишини таъминлайди.

Бундай амалиёт, шунингдек ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туриш, ушлаб туриш бошланган вақтни кечиктириб кўрсатиш, ғайриқонуний равишда ушлаб туриш каби салбий иллатларнинг олдини олиш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан қийноқлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиёти янада такомиллаштирилади.

 – Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қиладими?

– Албатта. Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, «Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир».

Давлат раҳбари ўшанда Ўзбекистон Республикаси Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиши ҳақида баёнот берганди. Қарорда бу борада бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Омбудсман ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда БМТнинг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенцияси Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши зарурлиги белгиланган.

Маълумки, Нью-Йоркда 2002 йил 18 декабрда қабул қилинган Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ўтган даврда дунёнинг 91 та давлати ратификация қилган. Ўз навбатида, Арманистон, Озарбайжон, Эстония, Грузия, Литва, Молдова, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Чехия, Финляндия, Франция, Германия, Италия, Полша, Испания, Туркия каби ўндан ортиқ давлат ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатни имзолаган.

Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий тизимни умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон бугунги кунда БМТ Тараққиёт дастурининг Инсон камолоти индексида 106-ўринни, Жаҳон банкининг бошқарув сифати индикаторларининг сиёсий барқарорлик ва зўравонлик йўқлиги субиндикатори бўйича 136-ўринни, «Жаҳон одил судлов лойиҳаси» халқаро ноҳукумат ташкилотининг ҳуқуқ устуворлиги индексининг асосий ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича эса 110-ўринни эгаллаб турибди.

Президентимиз қарорида назарда тутилган янгиланишлар амалиётга ўз вақтида ва тўлиқ жорий қилиниши, шубҳасиз, мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги ислоҳотларига халқаро ҳамжамиятнинг ижобий фикрларини шакллантиришга хизмат қилади. Бинобарин, бир томондан, юртимизда қийноққа солиш ҳолатларига узил-кесил барҳам берилса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг халқаро имижи янада ортади”.

 

«Правда Востока» газетаси,

2021йил 7 июль.

 

 



  ...