Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

СЎЗ ЭРКИНЛИГИ – ТАРАҚҚИЁТ ДРАЙВЕРИ


Машҳур француз ёзувчиси ва файласуфи, Нобель мукофоти лауреати, тириклигидаёқ «Ғарб виждони» деб ном олган Альбер Камю шундай деган эди: «Эркин матбуот яхши ёки ёмон бўлади. Эркин бўлмаган матбуот эса фақат ёмондир».

Хўш, аслида сўз эркинлиги дегани нима ўзи?

Сўз эркинлиги – инсоннинг ўз фикрларини эркин билдириш ҳуқуқи. Бунда одам оғзаки ва ёзма шаклда, хусусан, матбуот орқали ўзининг фикрларини билдиради. Бу ҳуқуқ бир қатор халқаро ҳужжатлар ва мамлакатимиз қонунчилигида, жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимояси тўғрисидаги Европа Конвенциясининг 10-моддасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 ҳамда 67-моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган.

Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 29-моддасида шундай дейилади: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга».

Сўз эркинлиги ҳуқуқи — жуда мураккаб жараён. У баъзан ўзга шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилиниши эҳтимолини ҳам юзага келтириши мумкинлиги халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрий ҳужжатларида алоҳида уқтирилган.

Сўз эркинлиги, жамият ҳолатининг барометридир. Халқаро ҳуқуқда ахборот олиш ва сўз эркинлиги битта танганинг икки томони деб тан олинади ва у Интернет ва рақамли технологиялар тарқалиши билан тез ривожланди. Ҳар қандай оммавий ахборот воситаси ва хар бир мамлакатда ривожланиш учун сўз эркинлигини чеклашга қарши харакат энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизда охирги 4 йил мобайнида ислоҳотлар оқибатларини, кечаётган сиёсий жараёнларни бевосита муҳокама қилиш эркинлашди, бу борада давлат идоралари ва халқ ўртасида мулоқот учун ўзига хос майдон пайдо бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари изчил олиб бораётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ҳам сўз эркинлиги принципига риоя қилиш, холислик, ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни барча учун амалда баравар таъминлашдан иборат.

Очиғи, Конституция ва сўз эркинлиги ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди. Конституция сўз эркинлигининг асосий кафолати саналади, сўз эркинлиги эса демократик Конституция асосида яратилган ҳуқуқий механизмсиз мутлақо мавжуд эмас.

Таъкидлаш жоизки, сўз эркинлиги борасида кўплаб қонунлар, қарорлар, турли-туман меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш мумкин. Аммо буларнинг ҳеч бири амалиётда ишламаса, бундан на жамиятга ва на давлатга бирон-бир фойда келади.

Бир мисол: тадқиқотларда аниқланишича, инсоният тарихидаги энг мукаммал, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза этиш борасида «эталон» дея ибрат қилиб кўрсатиш мумкин бўлган Конституция Иосиф Сталин шахсан ўзи ишлаб чиққани айтиладиган собиқ Иттифоқнинг 1936 йили қабул қилинган Конституцияси экан. Аммо унга амалиётда деярли риоя қилинмаган. Бу унинг ишлатилиш механизми билан бевосита боғлиқ эди. Демакки, агар қонунларни ишлатиш бўйича мукаммал механизм мавжуд бўлмаса, ёзилган гаплар қоғозларда қолиб кетаверса, инсонлар ҳаёти ва тақдирида нималар юз бериши муқаррар эканлигини тарихнинг ўзи бир неча карра исботлаб қўйган.

Охирги йилларда юртимизда сўз ва фикр эркинлигининг ҳаётийлигини таъминлаш борасида изчил ишлар қилинди ва қилинмоқда. Хусусан, бир пайтлар фаолияти ҳамма учун ёпиқ бўлган вазирликлар, қўмиталар ва бошқа давлат ташкилотлари «очилмоқда», миллат ва мамлакат тақдирини ҳал қилиш ваколатига эга бўлса-да, аммо тадбирлари халқдан беркитилган, ҳар қандай мажлис ёпиқ тарзда ўтказилган, қандай масалалар кўрилганини ёритиш учун фақат махсус аккредитацияга эга журналистларгагина рухсат берилган, уларнинг ҳам мақолалари ёки кўрсатувлари эълон қилинишидан аввал тегишли ташкилотлар томонидан текширилиб, баъзан «қайчилаш» талаб қилинган қонун чиқарувчи органимиз ҳам бугун халққа тобора яқинлашмоқда. Жумладан, вазирликлар ва идораларда матбуот котиби – раҳбарнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими таъсис этилган бўлса, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг ялпи мажлислари онлайн тарзда масофадан эфирга узатилмоқда. Уларни нафақат жонли кузатиш имконияти яратиляпти, балки журналистлар ва блогерлар кечаётган жараён ҳақида ўз фикрларини эркин билдириши, маъқулланаётган ёки кўриб чиқилаётган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасида Парламентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мулоҳаза қолдириши ҳам мумкин.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда оддий одамлар тарафидан бирон-бир давлат идораси фаолиятидаги салбий ҳаракат (ёки ҳаракатсизлик) ҳолати юзасидан қолдирилган эътирозларга ҳам аҳамият қаратилиб, тегишли давлат органининг матбуот хизмати томонидан муносабат билдирилмоқда.

Аммо, тан олишимиз керак, биз ҳали сўз эркинлигини таъминлаш борасида жуда илгарилаб ҳам кетмадик. Ҳанузгача бу борада эскича қараш, тақиқлаш ва цензорлик қилишга интиладиган давлат ташкилотлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Журналистларимиздаги ички цензура ҳам баъзан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, давлат идоралари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик муҳитини тўлақонли шакллантириш имконини бермаяпти. Зотан, биламизки, агар давлат идораларида қонунчилик талаблари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўнгилдагидек риоя этилса, ажратилган маблағлар ҳам талон-торож қилинмасдан, ўзлаштирилмасдан сарфланса, ҳисобдорлик мавжуд бўлса, коррупцияга йўл қўйилмаса, бундай давлат албатта тараққиётга эришади.

Яна бир жиҳат, журналист ва блогерларимизнинг ҳам саводхонлик даражаси, сўз эркинлиги ҳуқуқига амал қилишда ўзгаларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик борасидаги билимлари жуда паст. Чунки улар ҳам ҳали ривожланишнинг дастлабки босқичида туришибди. Буни бартараф этиш учун эса биз энг аввало бунинг қонуний кафолатларини ҳам ўйлашимиз керак.

Давлатимиз раҳбари айтганидек, «Жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олмоқда». Шундай экан, ҳар қандай жамият ва давлатнинг тараққиёти драйвери бўлмиш сўз эркинлигини амалда тўлақонли таъминлаш бугун ҳар бир фуқаронинг фаол гражданлик позицияси бўлиши керак.



  ...