Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Танзила Норбоева:Ўзбекистон барқарор ривожланиш йўлида


Инсоният тараққиётга эришгани сари глобал муаммоларни бирга ва ҳамжиҳатликда ҳал қилиш эҳтиёжи ҳам ўсиб бораверади. Шу боис халқаро тузилмалар томонидан энг долзарб масалалар ечимида барча давлатлар салоҳиятидан ҳамкорликда фойдаланиш чоралари кўриб келинмоқда. Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) қамраб олинган масалалар нуқтаи назаридан бутун инсоният учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, 2015 йилда Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача бўлган давр учун Глобал кун тартибини амалга ошириш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Хўш, ўтган даврда мамлакатимизда бу борада нима ишлар қилинди?

Аввало, 2018 йили барқарор ривожланиш соҳасида 16 та миллий мақсад (биттаси, яъни 14-мақсад — “Океан, денгиз ва денгиз ресурсларини сақлаш ва оқилона фойдаланиш” Ўзбекистон учун долзарб эмас), уларга оид 125 та вазифа қабул қилинганини айтиш зарур. Қолаверса, БРМни рўёбга чиқариш бўйича “Йўл харитаси” ижросини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди, 2019 йил 20 мартда ушбу кенгаш уларнинг ижросини назорат қилиш учун 206 кўрсаткични тасдиқлади. БМТ Тараққиёт дастури кўмагида 119 та кўрсаткич бўйича маълумотларга эга веб-­портал (http://nsdg.stat.uz) ишга туширилди, 80 та кўрсаткич бўйича маълумотлар йиғиш ­ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотлар билан уйғун кечмоқда. Мазкур стратегия ва унинг бешта устувор йўналиши БРМга эришиш йўли сифатида тасдиқланди. Эътиборлиси, БРМни миллий ҳамда минтақавий ривожланиш стратегияси ва дастурлар, жумладан, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясига интеграция қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

БМТнинг Иқтисодий ва ­ижтимоий кенгаши кўмагида 2020 йил 15 июлда ўтказилган юқори даражадаги сиёсий форум доирасида БРМни амалга оширишда эришилган ютуқлар тўғрисида ­Ўзбекистоннинг ­биринчи Ихтиёрий миллий маърузаси тайёрланди ва тақдим этилди.

Ҳозирги вақтда 190 дан ортиқ стратегик ҳужжат, тармоқ ва минтақавий дастур ҳамда стратегиялар БРМ вазифалари ва кўрсаткичларини ўз ичига тўлиқ олади. Ҳукумат 23 та глобал рейтинг (индекслар), жумладан, БРМ глобал рейтинги орқали мамлакатда амалга оширилаётган ­ислоҳотлар самарадорлигини кузатиб боради. Унга кўра, Ўзбекистон ҳозир 66-ўринни эгаллаб турибди.

БРМни рағбатлантириш ва амалга оширишда

парламентнинг ўрни

Бугун Ўзбекистон парламенти қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқаро алоқаларни мус­таҳкамлаш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда. 2030 йилгача бўлган даврда ҳар бир инсон ҳаётида барқарор ривожланишга эришиш учун БМТ томонидан таклиф қилинган мақсадларни амалга оширишда парламент аъзолари масъулият ҳамда шаффофликка алоҳида эътибор қаратаётганликларини ҳам таъкидлаш жоиз.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий воситаси эса парламентнинг назорат функция­ларидан самарали фойдаланишдир. Негаки, айнан парламент назорати БРМга эришиш борасидаги ишлар ҳолатини холисона баҳолаш имконини беради.

Шу муносабат билан ўтган йили Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилиб, унинг низоми тасдиқланди. Ўзининг қонун ижодкорлиги ҳамда назорат қилувчи ваколатларидан фойдаланган ҳолда, парламентнинг ҳар икки палатаси барқарор ривожланишнинг мақсад ва вазифаларини бажаришда фаол иштирок этмоқда. Бу ишларга фуқаролик жамияти, ёшлар ҳамда маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинган.

 

Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

 

 Мувофиқлаштирувчи кенгашга юкланган вазифаларнинг бажарилиши устидан назорат қилади ва унга бу борада кўмаклашади;

 миллий мақсадлар ва ­вазифаларни амалга ошириш, уларга эришиш масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ҳисоботларини ҳар чоракда камида бир марта эшитиб боради;

 қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

 шу йўналишдаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тизимли равишда мониторинг қилиб боради;

 миллий мақсадлар ва вазифаларга киритилган соҳалар (ижтимоий, соғлиқни сақлаш, экология, гендер тенглик, камбағалликни бартараф этиш ва бош­қалар) ривожини танқидий ­таҳлил қилади;

 барқарор ривожлантириш соҳасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганади;

 мазкур йўналишдаги ­илғор хорижий тажрибани ўрганади ва халқаро ҳамкорликни ривож­лантиришда фаол қатнашади;

 Ҳукумат тақдим этадиган йиллик бюджет параметрлари етарлилиги ва миллий БРМни Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича режага мослигини кўриб чиқади, зарурат бўлса, кейинги йилга мўлжалланган Давлат бюджети ва Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

 БРМ борасидаги ютуқларни кенг ёритиш мақсадида жамоатчилик билан алоқаларни, жумладан, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг юксак даражадаги сиёсий форумида ­Ихтиёрий миллий шарҳларни ­муҳокама қилиш ва тақдим этишда қатнашиш орқали қўллаб-қувватлайди;

 Парламент комиссияси ­ваколатига тааллуқли бошқа ­масалаларни муҳокама қилади.

Ана шулардан келиб чиқиб, бугун бу комиссия томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини эътироф этиш лозим.

Хусусан, ўтган йили мазкур тузилма томонидан республика ҳудудларида миллий барқарор ривожланиш мақсадлари ҳисобланган — камбағалликни қисқарти­риш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, оналар ва болалар ҳимояси, ­гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-­қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳолат ўрганиб чиқилди. Ушбу тадқиқотда 37 та миллий вазифа ва 50 дан зиёд кўрсаткичлар қамраб олинган бўлиб, унда 19 та давлат органи раҳбарлари ҳисоботлари тингланди. БРМнинг миллий мақсадларидан келиб чиқиб, ҳукумат вакилларига Олий Мажлис томонидан 27 та парламент, 388 та сенаторлик ҳамда 338 та депутатлик сўровлари ­юборилди.

БРМга эришиш хусусида сўз бораркан, Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида махсус резолюция қабул қилиш таклифини алоҳида тилга олиш ўринлидир. Зеро, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши парламент томонидан қонунлар кўриб чиқиш жараёнида БРМга мос эканлиги нуқтаи назаридан ён­дашишга, назорат функцияларини бажаришда ижро органларининг бу борадаги фаолиятига алоҳида баҳо беришга, шу билан бирга, БРМнинг жойларда ҳаётга татбиқ этилишига жиддий эътибор ­қаратишга хизмат қилади.

 

Шунингдек, мазкур резолюциянинг

қабул қилиниши:

— Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш, жумладан, миллий режа ва дастурлар ҳамда парламент назоратини таъминлашда парламент аъзоларининг ролини мустаҳкамлаш имконини беради;

— БМТ Глобал кун тартибининг тамойилларини акс эттирувчи зарур шарт-шароитларни, жумладан, миллий ҳуқуқий тизимни яратиш, БРМнинг миллий сиёсатда инъикосини таъминлаш учун қонунчиликка татбиқ қилиш, ўрганиш ва таҳлил этишга кўмаклашади;

— БРМга эришиш йўлида бюджетни режалаштириш ва тасдиқлаш, бу борада қилинаётган ишлар бажарилиши ҳамда мониторинги бўйича қарорларни аниқлаш учун бошқа давлатлар билан тажриба алмашиш доирасидаги муҳим вазифани бажаришга ёрдамлашади.

Умуман, миллий парламентимизни Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросига кенг жалб этиш орқали Пар­ламентлараро Иттифоқ ва БМТ билан  ҳамкорлик алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Кейинги йиллардаги ­саъй-ҳаракатларимиз ҳамда қўлга кирити­лаётган натижаларимиз ҳам шундан далолат бериб турибди.

 

Ҳукуматимиз БРМга эришишга собитқадамлик

билан ёндашмоқда

 

Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ишлар хусусида гап кетганда, Ҳукуматимизнинг бу борадаги иштирокига тўхтал­масак адолатдан бўлмайди.

БРМ индекси рейтингини яхшилаш бўйича Ҳукумат томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини айтиш шарт.

Хусусан, “Bertelsmann Stiftung” жам­ғармаси билан глобал БРМ индексини ҳисоблаш методологиясини ўрганиш ва доимий равишда ахборот алмашиш мақсадида ҳамкорликни йўлга қўйиш чоралари кўриляпти. БРМга эришиш бўйича олиб борилаётган ишларни холис баҳолаш учун “MICS” бўйича тадқиқот ўтказиш  ишлари бошланган бўлса, аҳолини рўйхатга олиш ҳамда виктимизация, тиббий-демографик тадқиқотларни ўрганиш ва статистикани яхшилаш борасидаги  тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ўзбекистоннинг валюталар харид қобилияти паритетларига асосланган халқаро таққослашлар дастурида иштирок этиши учун ҳам ҳозирлик кўриляпти.

Ҳукуматимизнинг БРМга эришиш йўлида собитқадамлиги  COVID-19 пандемия­сига қарши кураш жараёнида ҳам яққол намоён бўлди. Маълумки, юртимизда бу вирус билан илк касалланиш ҳолати 2020 йилнинг март ойида кузатилди. Ўз вақтида кўрилган  чора-тадбирлар туфайли касалланганлар сони кескин ошиб ­кетишининг олди олинди. Шу тарзда, мамлакатда рўйхатга киритилган касалланганлар орасидаги ўлим кўрсаткичи жаҳон статистикаси кўрсаткичларидан паст қайд этилиб, 2020 йилнинг март ойи охирига 0,4 фоиз, 2021 йилнинг мартида эса 0,7 фоизни ташкил қилди.

Ўтган йилнинг бошида Ўзбекистонга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилди. Бошқа давлатлар билан ҳаво, темир йўл ҳамда автомобиль йўллари орқали алоқа тўхтатилиб, мактабгача, ўрта ва олий ўқув юртларини ёпиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини ортга қайтариш чоралари кўрилди. Фавқулодда чораларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида мамлакат Президенти Шавкат ­Мирзиёев 2020 йил 19 март куни Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларни эълон қилди. Иқтисодий тикланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилди.

Шу чора-тадбирлар доирасида кичик бизнес ва хусусий корхоналарга солиқ имтиёзи, кредитлар бўйича кечиктирилган тўлов имтиёзлари берилди. 2020 йил март-апрель ойларида Ўзбекистон ­Президенти инқирозга қарши чораларнинг яна учта пакетини тасдиқлади. ­Соғлиқни сақлаш тизимининг имконият­ларини оптималлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар COVID-19 вирусига чалинганларни даволаш учун 3 та махсус шифохона қуриш, вентилятор, кислород концентратори ва шахсий ҳимоя воситалари каби қўшимча материал ҳамда ускуналар сотиб олиш каби чораларни ўз ичига олган бўлиб, булар амалда қандай самара берганлигини барчамиз кўрдик.

БРМга эришиш йўлидаги интилишларимиз натижасида ўтган уч йилда Ўзбекис­тон ўз иқтисодиётини эркинлаштириш борасида катта ютуқларни қўлга киритди. Бундай ютуқлар 2015 — 2019 йилларда иқтисодий ўсишга қаратилган мураккаб ислоҳотларни амалга ошириш ва фуқароларга қўшимча имкониятлар яратиш борасида ҳам кўзга яққол ташланди.

БРМ асосидаги Миллий мақсадларга эришиш биз учун энг тўғри йўл. Шу боис ҳозирги пайтда Ҳукуматимиз томонидан давлат институтларини ислоҳ қилиш, ­фуқаролик жамиятининг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги давлат хизматларини яхшилаш чоралари кўрилаётганлигини ҳам ижобий ҳолат сифатида баҳолаш керак.

 

Қандай натижаларга эришдик?

Барқарор ривожланиш мақсадлари 17 та мақсаддан иборат бўлиб, мамлакатимизда уларнинг ҳар бири бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда ва натижалар ҳам салмоқли.

Масалан, 1-мақсад асосида аҳолининг кам таъминланганлик даражасини па­сайтиришга жиддий киришилиб, 2015 йилда 12,8 фоиз бўлган бу кўрсаткични 2019 йилга келиб 11 фоизга туширишга эришилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мус­таҳкамлаш эса 2-мақсад ҳисобланади. Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон 2020 йилда Овқатланиш рационини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш глобал индексида 6,7 балл билан 107 давлат орасида 30-ўринда қайд этилди ва очлик даражаси паст бўлган мамлакатлар ­гуруҳига киритилди. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бунинг замирида ҳаётий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари (ғалла, туз, тухум, картошка, мева-сабзавот, полиз экинлари ва ­узум)га бўлган ички эҳтиёжлар тўла қондирилгани ётибди.

Соғлом турмуш тарзини таъминлаш галдаги мақсаддир. Бу йўналишда охирги йилларда бажарилган ишларни нафақат юртдошларимиз, балки халқаро жамоатчилик ҳам эътироф этиб келяпти. Бунинг натижасини биргина кўрсаткич, яъни 5 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 2015 йилда 15,1 фоизни ташкил этгани ҳолда, 2019 йилда 12,4 гача пасайгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гендер тенгликни таъминлаш борасидаги интилишларимиз алоҳида бир мавзу. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун охирги беш йилда кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Агар хотин-қизлар ҳамда эркакларга 15 ёшдан бошлаб жинсий ва репродуктив саломатликни сақлаш хизматлари ҳамда ахборотдан тўлиқ ва тенг фойдаланиш имкониятини берувчи қонун ҳамда меъёрий ҳужжатлар сони 2015 йилда 73 та бўлган бўлса, 2019 йилда 101 тани ташкил қилди.

Тўғри, бу борада ҳали муаммолар ҳам бор. Масалан, хотин-қизларнинг рўйхатга олинган ишсизлик даражаси эркакларникидан юқори бўлиб, 12,8 фоизлик кўрсаткичда. Раҳбарлик лавозимларида аёллар улуши пастлигича қолмоқда. Шунинг учун ҳам Олий Мажлис Сенати томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар учун барча соҳада тенг имкониятлар яратишни мақсад қилиб қўйган 2030 йилгача мўлжалланган гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.

Муҳим мақсадлардан бири бўлган ­умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Жумладан, сўнгги уч йил ичида мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилдаги 27,7 фоиздан 60 фоизгача ошди. Шунингдек, олий таълим муассасаларидаги талабалар сони 2016 йилдаги ҳар 10 минг кишига 84 тадан 2019 йилда 130 тага етди.

Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси қабул қилинди. Унда Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза этиш соҳасидаги сиёсатининг устувор йўналишлари, яъни вазифалари аниқ белгилаб берилди.

БРМнинг бажарилиши борасида кўплаб далиллар келтиришимиз мумкин. Бироқ бу барча мақсадга эришиб бўлдик, дегани эмас, ҳали олдимизда қилиниши зарур бўлган кўплаб вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда ҳам халқаро ҳамкорликка, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига таянилади. Бу борада Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро форум айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

 

Халқаро ҳамкорлик самараси

Маълумки, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари инсоният камолотининг ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи назардан, БРМ айнан бир миллат ёки ­давлатнинггина эмас, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг орзу-истагидир. Шундай экан, уни биргаликда, ҳамкор ва ҳамжиҳатликда ҳал этиш мумкин.

Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ана шу ҳаётий эҳтиёж асосида йўлга қўйилган. БРМни амалиётга самарали татбиқ этишда Ўзбекистон ҳукумати, энг аввало, БМТнинг тузилмалари, жумладан, Тараққиёт дастури, Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Аҳоли­шунослик жамғармаси (ЮНФПА), ­Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси ҳамда бошқалар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар бир бир йўналиш бўйича биргаликда ­дастурлар, “йўл хариталари” жорий ­этилмоқда.

Бундан ташқари, юртимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қуйидаги йўналишларда ҳам фаоллик билан ишлар

олиб борилмоқда:

 атроф-муҳит объектларини (атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри, биохилмахиллик, қўриқланадиган табиий ҳудуд) антропоген таъсир, бошқа салбий таъсир қилувчи омиллардан сақлаш ва сифатини таъминлаш;

 экологик жиҳатдан кам хавф туғдирувчи материаллар, маҳсулотлар, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектлардан устувор даражада фойдаланишни йўлга қўйиш;

 қўриқланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш;

 заҳарли кимёвий ва радиоактив моддалардан экологик хавф­сиз фойдаланишни таъминлаш;

 чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш;

 аҳолининг экологик маданиятини шакллантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини  ошириш ва ­фуқаролик жамиятининг бу ­борадаги ролини кучайтириш.

Концепцияда кўзда тутилган бу вазифалар тегишли “йўл хариталари” асосида амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг 27 ноябрь куни Нью-Йоркда БМТ шафелигида Орол­бўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди фаолияти тақдимоти ва унинг ишга туширилиши бўйича махсус юқори даражадаги тадбир бўлиб ўтди. Траст фондининг мақсади Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини камайтириш бўйича лойиҳа ва ­дастурларга донорлик маблағларини жалб қилишдан иборат.

Навбатдаги қадам сифатида 2019 йил 8 январда Президентимизнинг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, жумладан, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Шу қарор билан ушбу траст фонди фаолиятига кўмаклашиш ва донорлар ҳамжамиятининг маблағларини жалб этиш бўйича идоралараро ишчи комиссияси тузилди. Фонд учун ҳуқуқий, институционал асосни яратиш мақсадида 2019 йил 24 январда фонд бошқарув қўмитасининг биринчи йиғилиши ўтказилиб, мазкур қўмита ва техник котибият таркиби ҳамда фонднинг раҳбарияти тасдиқланди.

2019 йилда унинг ҳисоб рақамига Норвегия ҳукумати томонидан 1,1 миллион ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2 миллион доллар ўтказилди. Бу маблағлар Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиши мўлжалланган 2 та лойиҳани молиялаштириш учун йўналтирилди.

Энг муҳими, бу йўналишдаги ишлар тобора изчиллик касб этиб, қўлга ­киритилаётган натижалар салмоқли бўлиб бормоқда.

 

Форум саъй-ҳаракатларимизга янгича суръат бағишлайди

 

Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича юртимизда олиб борилаётган ишлар ва бу борада миллий парламентимиз ўрни ҳамда шу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик натижалари биз юқорида тилга олиб ўтган Бухоро форумида атрофлича кўриб чиқилади. Айни чоғда бу тадбир ўзаро тажриба алмашишимиз учун мулоқот майдони вазифасини ўтаб беради.

Шу маънода, мазкур анжуманнинг мақсади, иштирокчилари хусусида, ­қисқача бўлса-да, тўхталиб ўтишни ­лозим, деб топдик.

Аввало, унинг ташкилотчилари ҳақида. Бу нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан БМТнинг мамлакатимиздаги таркибий тузилмалари ҳамкорлигида ўтказилади.

Форумда парламент аъзолари, нуфузли халқаро ва парламентлараро ташкилотлар, ёшлар парламентлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда давлат идоралари вакиллари қатнашади. Европа парламенти, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Корея Республикаси, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон ва халқаро ташкилотлардан 30 нафар спикер ҳам иштирок этади. Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба юртимизга ташриф буюраётган Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ҳам ушбу форумда қатнашиш истагини билдирган.

 

Халқаро форумдақуйидаги масалалар

кўриб чиқилади:

 

 Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали бажарилишини таъминлашда парламентнинг роли;

 БРМни амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

 БРМ статистик кўрсаткичларини шакллантириш;

 бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик иштироки;

 БРМ бажарилишида пар­ламент назорати, мониторинг ва баҳолаш аҳамияти;

 бу борада дунё парламентлари ўртасида халқаро мулоқот ва глобал ҳамкорликни ривож­лантириш.

Форум якунлари бўйича Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик тўғрисидаги Бухоро декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Умуман олганда, нафақат Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон миқёсида илк маротаба ўтаётган мазкур форум Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади.

Бу борада дунё мамлакатлари парламентларининг инсоният манфаатларидан келиб чиқиб, ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз ҳам миллий, ҳам минтақавий, ҳам глобал даражада Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш имконини беради.

 

Танзила НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Раиси

 

«Халқ сўзи» газетаси,

2021 йил, 22 июнь

 



  ...