Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

МОХИ директори: Ўзбекистон ва Тожикистон делегациялари ўртасидаги музокараларнинг муваффақиятли якунлари икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланишининг яққол тасдиғидир


“14-15 май кунлари Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давомида бўлиб ўтган музокаралар натижаларига кўра, томонлар ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш ва ривожлантиришга эришилди”, деди Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров “Дунё” АА учун Ўзбекистон-Тожикистон музокаралари натижаларини шарҳлар экан.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 14 май куни Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашуви асосий воқеа бўлди, - дея таъкидлади эксперт. - Унда кўп қиррали ўзбек-тожик муносабатларини янада кенгайтириш, икки давлат ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашга доир  масалалар юзасидан фикр алмашилди. Президентимиз  икки Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган ўзаро алоқаларнинг юқори босқичини мамнуният билан қайд этди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, транспорт, сайёҳлик ва соғлиқни сақлаш, энергетика ва ўзаро савдо каби қатор соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида  эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, маданий-гуманитар алмашув дастурининг минтақалар ва бизнес даражасидаги фаол алоқалари давом этиши таъкидланди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу учрашув  икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотдан бир кун ўтиб ташкил этилди, унда бўлажак саммит учрашувларига пухта тайёргарлик кўришга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатлар раҳбарлари Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро  қўшма комиссиянинг асосий вазифаси сифатида узоқ муддатли истиқболда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг  янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш заруратини якдиллик билан маъқулладилар.

Шунингдек, Президентлар телефон орқали мулоқот давомида  ўзаро минтақавий алоқаларнинг амалий жиҳатларини ҳам муҳокама этдилар.

Шу билан бирга, томонлар Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлган тожик-қирғиз чегарасидаги вазият барқарорлашганини мамнуният билан таъкидладилар.

Тошкентда 15 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилишида Давлат раҳбарларининг топшириқлари ижросини таъминлашга доир  масалалар кўриб чиқилди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги шакллари ва йўналишлари белгилаб олинди.

Томонлар таъкидлаганидек, ўтган йили пандемия шароитига қарамай, ўзаро савдо айланмасида ижобий ўсиш суръати қайд этилиб, икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошди.

Шу ўринда икки давлат ўртасида ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш салоҳияти мавжуд ва яқин келажакда ушбу мақсадларга эришиш йўлида икки мамлакат ҳукуматлари ҳамда ишбилармон доиралари аниқ чора-тадбирлар дастурини ҳаётга тадбиқ этиш ниятида.

 Шу билан бирга, иқтисодиётнинг барча тармоқларида, жумладан, агросаноат, тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, машинасозлик, фармацевтика, электротехника саноати, энергетика ва транспорт, қурилиш, бизнесини ривожлантириш каби соҳаларда мавжуд салоҳиятдан тўлақонли  фойдаланишга доир  келишувга эришилди.

Мазкур йиғилиш давомида ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро манфаатли лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишга катта эътибор қаратилди.

Темир йўл, автомобиль йўллари ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига,  жумладан, “Ўзбекистон-Тожикистон-Хитой” мультимодаль йўлагидан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Икки мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, ҳамкорликнинг турли шаклларини кўзда тутадиган кооперация лойиҳаларини киритиш билан қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун “Йўл харитаси”ни тайёрлашни жадаллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувлар туфайли электр энергияси ва сув таъминоти масаларида ўзаро конструктив алоқалар таъминлангани таъкидланди, бу, айниқса, иқлим ўзгаришини  ҳисобга олганда ўта муҳим жараён саналади. Мазкур қарорлар томонларнинг ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

Келгусида Тожикистон мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини мунтазам сув ресурслари билан таъминлайдиган  истиқболли энергетика лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзбек томонининг  иштироки  масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, сайёҳлик, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа қатор соҳаларда конструкив ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.

Шу ўринда Тожикистон делегациясининг Яшнобод тумани “Технопарки” ва “Сергели” саноат паркига ташрифи, замонавий корхоналар фаолияти билан танишуви натижаларига кўра, ўзаро ҳамкорликнинг янги шакллари пайдо бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Шубҳа йўқки, Ўзбекистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси йиғилишининг якунлари Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг бўлажак учрашувининг мазмун-моҳиятини шакллантиришга ва кўп қиррали савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги ҳамма қардош мамлакатлар билан узоқ муддатли дўстона, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ва янада мустаҳкамлашга қатъиян содиқ эканлигини тасдиқлайди.



  ...