Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур кўргазмада Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Франция каби давлатларнинг саноат компаниялари вакиллари, ишбилармонлари иштирок этиши кутилмоқда.
Унда иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашга имконият яратилади. Кўргазмада транспорт ва энергетика машинасозлиги, саноат, шаҳарлар учун технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва материаллар, пластмасса ва каучуклар намойиш этилади.
Бизнес дастурнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзақов ва Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров иштирокида «Жаҳон саноат ишлаб чиқариш соҳаси ўсиш драйверларини аниқламоқда» асосий стратегик сессияси бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Россия турли соҳаларда қўшма лойиҳаларнинг йирик тўпламини амалга оширмоқда. 2020 йилда пандемияга қарамай мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қарийб 6 миллиард долларни ташкил этди. Мақсад эса бу кўрсаткични 10 миллиард долларгача етказишдир. Ўтказиладиган саноат кўргазмаси янги кооперация лойиҳаларини шакллантириш, ўзаро манфаатли шартнома ва битимларни имзолаш учун ажойиб платформадир.
Шунингдек, «ИННОПРОМ» бизнес дастури доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА