2020 йил 17 декабрда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро онлайн анжуман ташкил этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 11 августдаги Қарори асосида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми деб баҳолаш мумкин. Шу нуқтаи назардан Марказ олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Жумладан,
Марказ фаолиятини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган жаҳоннинг етук олимлари билан Марказ ходимларининг тажриба алмашинувини ташкил этиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадини ташкил этди.
Анжуманда ўзбекистонлик ҳамда хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар вакиллари, Марказ жамоаси ва бошқалар иштирок этдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов, Туркиянинг Диёнат ишлари бошқармаси раиси проф. Али Эрбаш, Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Тоййиб, Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти (IСESCO) бош директори доктор Салим ал-Малик, Ибн Халдун университети президенти проф. Ражаб Шентурк, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд каби нуфузли олим, давлат ва жамоат арбоблари табрик сўзлари билан иштирок этиб, Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа экани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди.
Шунингдек, тадбирда Миср, Туркия, Россия, Афғонистон, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия, Германия, Франция, Швеция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Марокаш ва Иордания каби мамлакатлардан 40 дан зиёд соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари иштирок этдилар.
Анжуман иштирокчилари глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши кураш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда ахборот ва тажриба алмашинуви, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг деструктив ғоялари тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Анжуман давомида Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида англашув меморондуми имзоланди.
Айни вақтда ислом олами Имом Мотуридийнинг илмий меросини тарғиб қиладиган шундай илмий марказга эҳтиёж сезаётганлиги, Ўзбекистон бу соҳада катта тажрибага эгалиги алоҳида қайд этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази матбуот хизмати