Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Рақамлаштириш Ўзбекистонда сув танқислиги муаммоларини оқилона ҳал қилиш имконини беради



Иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши билан боғлиқ охирги 20-30 йилда кузатилаётган тенденция давом этадиган бўлса, минтақанинг асосий сув таъминоти ҳисобланган икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими яқин йилларда ҳозиргидан 10-15 фоизга қисқариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ҳозиргидан 25 фоизга камайиб кетиши эҳтимоли мавжуд.

Шу боис Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳани бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борада вазифалар белгилаб берилган.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда республикамиздаги сув хўжалиги объектларида 11 446 та “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилди. Бу қурилма орқали сувнинг ҳисоби онлайн режимда мониторинг қилиниб, аниқ ҳисоб юритиш, фойдаланиш ва оператив бошқариш имконияти кенгайиб бормоқда.

Шунингдек, 1 704 та насос станциясида сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи ҳисоблагичлар, 6 746 та мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалар ўрнатилди.

65 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилди.

Мисол келтирадиган бўлсак, Австралиянинг “Rubicon Water” компанияси технологиялари асосида Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги “Миришкор-Қамаши” каналларида 26 та замонавий сув затворлари ўрнатилиб, гидротехник иншоотларнинг бошқарув жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, сув хўжалиги объектларида рақамли технологияларни жорий этиш орқали сув назорати ва ҳисоб-китоби онлайн юритилиб, сувни тезкор бошқариш орқали 2021 йилда 350 млн куб метр, 2022 йилда 410 млн куб метр ва 2023 йилда 530 млн куб метр миқдорида сув ресурслари иқтисод қилинди.

Халқаро ҳамкор ташкилотларнинг молиявий кўмаги ёрдамида сув ресурслари балансини ва кадастрини юритиш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини кузатиб бориш имконини берувчи бир неча электрон тизимлар (ахборот тизими, маълумотлар базаси, дастурий таъминот ва мобил илова) яратилди.

Хорижий инвестиция лойиҳалари доирасида рақамлаштириш ва автоматлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларини сув билан таъминловчи
“Аму-Бухоро-1”, “Аму-Бухоро-2”, “Қизилтепа”, “Қизилтепа-1”, “Қуйимозор” насос станцияларида SCADA тизими жорий этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидан ўтувчи, узунлиги 69 км бўлган “Бўстон” каналида ва умумий узунлиги 727 км бўлган иккиламчи каналларда ҳам SCADA тизими ўрнатилмоқда.

Сув ресурсларини бир нуқтадан инсон омилисиз автоматлаштирилган ҳолда бошқариш, соҳада замонавий ёндашув, илм-фан, инновацияларни татбиқ этишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 

Илҳом Жўраев,

Сув хўжалигида ислоҳотлар маркази раҳбари



  ...