Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Инвесторларни оҳанрабодек чорлаётган янги имкониятлар



Унда жаҳоннинг 70 та, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Миср, ЕИ ва МДҲ, Жануби-шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларидан бизнес ва банк-молия соҳасининг 2,5 мингга яқин вакили иштирок этди. 2022 йил 24-26 апрель кунлари бўлиб ўтган биринчи форумда дунёнинг 56 мамлакатидан 2 мингдан ортиқ меҳмон қатнашган эди. Агар ўтган йилги анжуманда умумий қиймати 7,8 миллиард долларлик 105 та келишув ва шартнома имзоланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 164 тага етиб, келишувлар суммаси 11 миллиард долларга етди.

Халқаро иқтисодий форум ҳақида фикрлар

Юқорида келтирилган рақамлар хорижий инвесторларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиши ошаётганидан далолат беради. Бунинг муҳим сабаблари бор, албатта.

Биринчидан, ҳозирги пайтда халқаро майдонда мураккаб, хавотирли ва охирини башорат қилиб бўлмайдиган жараёнлар кечмоқда. Улар жаҳон иқтисодиёти учун жиддий синов бўлиб, инвесторларни ўз маблағларини киритиш учун янада ишончли жой қидиришга мажбур қилмоқда. Президентимиз форумдаги чиқишида айтиб ўтганидек, “Ишончим комилки, бундай зиддиятли шароитда бугунги учрашувимиз икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, барчамиз учун янги бизнес имкониятларини кашф этишга хизмат қилади”. Хорижий бизнес, табиийки, бу имкониятларга алоҳида қизиқиш билдирди.

Инвесторларнинг у ёки бу мамлакатга қизиқишининг яна бир муҳим  омили иқтисодиёт ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболларидир. Ўзбекистон иқтисодиёти пандемиядан кейин жаҳон иқтисодиётидаги турбулентлик ҳолати фонида иқтисодий ўсиш суръатларига дадил эришмоқда. Жорий йил вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳолат қуйидагича: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида 2023 йил бошида энергия танқислиги инқирозини келтириб чиқарган январь ойининг ғайритабиий совуғи ва таъминотнинг узилишига сабаб бўлган ташқи геосиёсий шоклар билан боғлиқ қисқа муддатли пасайиш кузатилган бўлса, биринчи чоракнинг ўзидаёқ иқтисодиёт барқарор ўсиш траекториясига чиқишга муваффақ бўлди.

2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоиз ўсди. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида инфляция даражаси 2022 йилнинг январь-март ойларидаги 2,9 фоиздан 2,4 фоизгача пасайди.

Жорий йил март ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойдагига нисбатан 4,2 фоиз, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 11 фоиз ошди. Бизнес муҳит ҳолати 2021 йилнинг апрель-май ойларидаги каби энг юқори даражада бўлгани ҳолда сезиларли даражада яхшиланди, ишбилармонлик муҳитининг салбий баҳолари улуши 4 фоиз қисқарди. Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик йил бошидан буён 2,7 фоиз ўсди.

Яқинда Жаҳон банки ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши бўйича кутилмаларини 5,3 фоизга, Халқаро валюта жамғармаси 5,2 фоизга оширди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эса биринчи ярим йилликда иқтисодий ўсиш янада ишончли – 5,65 фоиз бўлишини кутмоқда. Шулардан келиб чиқсак, Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг ривожланиш истиқболлари жуда жозибали кўринишга эга, бу эса, ўз навбатида, инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқишини янада оширмоқда.

Инвестициявий муҳит жозибадорлиги ошмоқда

Аммо кўриниб турибдики, инвесторлар қизиқиши ўсиб боришининг асосий омили Ўзбекистонда кейинги йилларда ижобий томонга ўзгариб бораётган қулай сармоявий муҳитдир. Форум доирасида фақат ўтган йилги анжумандан кейинги бир йилнинг ўзида иқтисодиётни янада эркинлаштиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар жадаллашгани, бунинг натижасида инвестициявий муҳит яхшилангани қайд этилди.

Солиққа тортиш йўналишида қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Чет эллик инвесторларнинг акциялар бўйича дивидендлар кўринишидаги даромадлари уч йил муддатга даромад солиғидан озод қилинди, улар учун фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Солиқ ва божхона бўйича қонунчиликка янги ёки янада қаттиқроқ жавобгарлик чораларини киритиш қатъий тақиқланди.

Ташқи савдо соҳасида инвесторлар учун 7 мингдан ортиқ номдаги хомашё ва товарга божхона божлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Айни пайтда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари ва меъёрларига мувофиқлаштириш, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан музокаралар ўтказиш бўйича ишлар фаол давом этмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар жараёнида вазирликлар сони 61 тадан 28 тага қисқартирилди, давлатнинг тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш бўйича 500 та функцияси бекор қилинди, яна 70 та функция давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосида хусусий секторга берилди. Ҳозирги кунга қадар 132 та лицензия ва рухсат беришга оид ҳужжатлар бекор қилинди, 33 таси бўйича хабардор қилиш тартибига ўтилди.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвесторлар билан ишлашнинг яхлит тизими жорий этилди. Инвестиция, саноат ва савдо вазирлигида лойиҳа ташаббусидан бошлаб то уни ишга туширишгача бўлган барча жараёнларда инвесторларга “ягона дарча” орқали кўмаклашиш йўлга қўйилди. Инвесторларнинг давлат раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқотини ўрнатиш мақсадида Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши иш бошлади.

Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари кучайтирилди. Хорижий инвесторлар учун Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш, мамлакатга кириш-чиқиш ва яшаш шартлари тубдан енгиллаштирилди. Маъмурий судлар мақоми кўтарилиб, ваколатлари кенгайтирилди. Халқаро арбитраж судлари қарорларини мажбурий ижрога қаратиш механизмлари мустаҳкамлаб қўйилди. Жорий йилда Ўзбекистон тарихида биринчи марта Халқаро тижорат суди фаолияти йўлга қўйилади.

Янги таҳрирдаги Конституция ҳам инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ, давлат қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Амалга оширилаётган ўзгаришлар натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги энг кўп тармоқли иқтисодиётга эга давлат сифатидаги мақоми мустаҳкамланди. Фақат бир йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхона ташкил этилди, жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 3 баробар ўсиб, 10 миллиард долларга етди. 1 миллионга яқин киши камбағалликдан чиқарилди, аҳоли ўртасида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. Бу ижобий ўзгаришларнинг бари хорижий инвесторларда Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга маблағ киритиш имкониятларига алоҳида қизиқиш уйғотмаслиги мумкин эмас эди.

Ҳамкорликнинг бешта йўналиши

Аҳоли сони ва иқтисодиётнинг ўсиши ҳамда уни янада модернизация қилиш зарурати инвестиция, жумладан, хорижий сармоя ҳажмини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари форумда сўзлаган нутқида инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг бешта янги йўналишини таклиф қилди.

Биринчи йўналиш – Ўзбекистон “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўлини давом эттиради. Шу йилнинг ўзида 2 минг мегаваттдан зиёд, кейинги йилда эса 8 минг мегаваттли қувватлар ишга туширилади. “Яшил” иқтисодиётни ривожлантириш саноатнинг янги йўналишлари – қуёш панеллари, шамол турбиналари, инверторлар ва бошқа электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ривожлантиришни ҳам кўзда тутади, бу эса 8 миллиард долларлик инвестициялар учун имконият дегани.

Иккинчи йўналиш – давлат-хусусий шериклик. Ислоҳотлар натижасида илгари “ёпиқ” бўлган соҳаларга хусусий инвестициялар фаол жалб этила бошланди. Масалан, авиация соҳасида хусусий сектор учун кенг имкониятлар очилиб, 5 та хусусий авиакомпания ташкил этилди, Самарқанд аэропорти ташқи бошқарувга берилди. Жорий йилда Андижон, Наманган, Бухоро ва Урганч аэропортлари бошқаруви хусусий секторга топширилади. Темир йўл соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бошлаб юборилган, бу ҳам инвесторлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон IT, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда минтақавий хабга айланиб боряпти, ўз навбатида, бу жиҳат ҳам инвестициялар учун қулай имкониятдир. 

Жорий йилда халқаро молия институтлари кўмагида давлат-хусусий шериклик соҳасида жами 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Давлат учун муҳим бўлган транспорт, коммунал ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби тармоқларни қамраб олган мазкур аниқ лойиҳалар форум доирасида тақдим этилди. 

Учинчи йўналиш - бу йил давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича “1 минг+1 минг+40” дастури қабул қилинди. Бу 1 мингта корхонадаги давлат улушлари ва давлатга тегишли яна 1 мингта мулк объекти очиқ аукцион савдога, иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга 40 та корхона IPOга олиб чиқилишини англатади. Жумладан, олтин ва мис ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар, шунингдек, телекоммуникация, суғурта компаниялари ва банклар акциялари инвесторларга таклиф этилади.

Тўртинчи йўналиш – индустриал ривожланиш. Ҳозирги кунда тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электр техникаси, машинасозлик тармоқлари етарли хомашё базаси ва малакали кадрларга эга. Бу соҳаларда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Бунинг учун йирик брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ташқи бозорларга чиқиш, инновациялар ва замонавий технологияларни ўзлаштириш зарур. Бунда иштирок этувчи инвесторлар учун зарур шароитлар яратилади, алоҳида технопарклар ва саноат зоналари ташкил этилади, қўшимча имтиёзлар тақдим этилади. Инвестиция форуми сессиялари чоғида бу йўналишда 160 та йирик лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Бешинчи йўналиш – қўшни давлатлар билан ҳамкорлик. Ушбу мақсадларда қўшма инвестиция фондлари ташкил этилиб, саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётларимизнинг “бир-бирини тўлдириши” тамойили асосида саноат ва агросоҳада кооперация алоқаларини йўлга қўйиш давом эттирилади.

Панел сессиялардаги жараёнлар

Президентимиз томонидан кўрсатиб ўтилган ҳамкорликнинг янги йўналишлари ҳозирданоқ талабгир ва долзарб бўлиб бормоқда. Чунки улар форум доирасида ва панел сессияларида қизғин муҳокама қилинди.

Хусусан, қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш йўналишида форум доирасида Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) томонидан Trade Connect Central Asia+ дастури шерикларининг давра суҳбати ўтказилиб, унда Марказий Осиё минтақаси учун ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонга қаратилган TCCA+ дастури тақдим этилди. Ушбу дастурнинг мақсади инклюзив иқтисодий ўсишга эришиш, Марказий Осиёда ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳамда бутун дунё билан савдони ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан форумнинг “МДҲ давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари” мавзусидаги панел сессияси ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унда МДҲ мамлакатлари қайта тикланувчи энергия манбалари, нефть ва газ ишлаб чиқариш соҳасида ўзаро бир-бирини тўлдириши таъкидлаб ўтилди. Саноат кооперацияси салоҳияти қайд этилди. Масалан, Ўзбекистон Қозоғистон билан пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқда. Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва айрим давлатлар дуч келаётган озиқ-овқат тақчиллигини бартараф этишга ёрдам бериши айтиб ўтилди. 

Индустриал ривожланиш йўналишида ўтказилган “Тўқимачилик, чарм ва ипак саноатининг инвестицион салоҳияти” панел сессияларида кўп турдаги тайёр маҳсулотлар, жумладан, газлама, кийим-кечак, пойабзал, аксессуарлар, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган тармоқларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳақида сўз юритилди. “Кимё: келажакка назар” сессиясида бугунги кунда кимё саноати барқарорлик ва рентабеллик ўртасидаги мувозанатни топишга интилаётгани, чунки инвесторлар атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш, саломатлик ва табиий ресурсларни муҳофаза қилишга уринаётган брендларни танлаётгани таъкидланди.

Замонавий қурилиш ва қурилиш материаллари саноати” сессиясида “яшил” иқтисодиёт мавзуси муҳокама марказида бўлди. Унда қурилиш соҳаси яқин келажакда ресурслардан оқилона фойдаланиш, уй-жой хавфсизлиги ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган “яшил” стандартлар ва технологияларга йўналтирилиши таъкидланди. “Катта шаҳарларда қулайлик: урбанизация ва шаҳарсозликка инвестициялар” панел сессиясида ҳам ушбу мавзуга етарлича тўхталиб ўтилди.

Молия секторини ривожлантириш масалаларига бағишланган “Банк иши ва молия: янги имкониятлар” мавзусидаги панел сессиясида замонавий технология ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, инвестор, тадбиркор ва мижозлар учун янги уфқлар очилаётгани айтилди. Шунингдек, форум доирасида “Тошкентнинг халқаро молия маркази сифатидаги салоҳияти: имкониятлар ва устувор қадамлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон пойтахти ўзига хос географик жойлашуви, иқтисодий ўсиши ва сиёсий барқарорлиги билан улкан салоҳиятга эгалиги қайд этилди. Бироқ бу борада ҳануз ҳал этилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжуд, жумладан, ушбу соҳага оид қонунчиликни мувофиқлаштириш лозим.

Хулоса

Шу тариқа иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми самарали бўлгани ва биринчи форумга қараганда кўпроқ аудиторияни тўплаганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу эса хорижий ишбилармонларнинг инвестициявий ҳамкорлик борасида ишончли шерик бўлмиш Ўзбекистонга қизиқиши изчил ортиб бораётганини яққол намоён этди. Юқорида қайд этилган омиллар – бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, барча мамлакатлар билан кўп томонлама ҳамкорлик қилишдан ташқари яна бир омил мавжуд.

Бу муҳим омил фақат ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиқадиган ва турли блокларда қатнашмаслик, дунёнинг барча мамлакатлари билан сиёсий имтиёзларсиз нейтрал, ўзаро манфаатли иқтисодий алоқалар ўрнатишни назарда тутувчи суверен ташқи сиёсатимиз, шунингдек, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликдир. Дунёда геосиёсий келишмовчиликлар, беқарорлик кучайиб бораётган ва бу жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари бозорлари барқарорлигига ва жаҳон бўйича қўшилган қиймат занжирларига салбий таъсир кўрсатаётган бир шароитда Ўзбекистон ишончли, нейтрал ва барқарор шерик сифатида инвесторларнинг ишончи ва ҳурматини тобора кўпроқ қозонмоқда.

 

Обид Ҳакимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори



  ...