2021 йил 18 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинди.
Озарбайжон, Жазоир, Афғонистон, Бангладеш, Беларусь, Венгрия, Вьетнам, Грузия, Миср, Ҳиндистон, Иордания, Эрон, Хитой, Марокаш, Непал, Ўмон, Покистон, Парагвай, Россия, Руанда, Руминия, Сенегал, Сингапур, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Япония каби дунёнинг турли минтақаларидан 60 дан ортиқ давлат ушбу резолюция ҳаммуаллифлари бўлди.
Маълумки, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ташаббуси 2018 йил август ойида Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи-давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илк бор илгари сурилган эди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил сентябрда ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида эса аъзо давлатларни ушбу масала бўйича махсус резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга чақирган эди. Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мазкур ташаббус юқори технологияли инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни яратиш ва татбиқ қилишга инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароит яратиш, «яшил» иқтисодиёт тамойилларини кенг қўллаш, тупроқ деградацияси, чўлланиш ва экологик миграциянинг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганини таъкидлаганди.
«Дунё» ААга мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, ташқи сиёсат маҳкамаси, хориждаги элчихоналаримиз ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан республикадаги барча манфаатдор вазирликлар билан биргаликда давлатимиз раҳбари ташаббусини амалга ошириш доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилди. 2019 йил 25 октябрь куни Нукусда «Орол денгизи минтақаси — экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» мавзусида юқори даражали халқаро конференция ташкил этилди. Унда илк бор резолюция лойиҳаси тақдим этилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерреш форум иштирокчиларига видеомурожаатида Орол денгизининг йўқолиб кетишини замонамизнинг энг катта экологик офатларидан бири деб атади.
COVID-19 пандемияси сабаб БМТ Бош Ассамблеяси фаолиятидаги жиддий чекловларга қарамай, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, чет элдаги дипломатия ваколатхоналаримиз томонидан резолюциянинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида БМТга аъзо давлатлар билан кўплаб музокаралар ўтказилди, юқори даражадаги форумлар, БМТ асосий тузилмаларининг ялпи ва махсус йиғилишларида унинг долзарблиги таъкидлаб ўтилди.
Резолюция матнини келишиб олиш учун БМТ аъзоларини кенг жалб этган ҳолда қатор норасмий маслаҳатлашувлар ташкил этилди. Ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилишда фаол иштирок этган Осиё-Тинч океани минтақаси, Европа, Африка, Лотин ва Шимолий Америка давлатлари делегациялари Ўзбекистон Президентининг ташаббусини юксак баҳолади, шунингдек, унинг нафақат Марказий Осиё, балки жаҳоннинг бошқа мамлакатлари учун ҳам ўта муҳимлигини эътироф этди.
Бош Ассамблея қабул қилган махсус резолюция:
— Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади;
— бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини рағбатлантиради;
— Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш, Орол денгизининг қуриб қолган тубида туз, чанг-тўзонни узатишга мойил бўлган қум уюмларида ўрмон мелиорацияси усулларини барқарор қўллаш йўли билан янада чўлланишнинг олдини олиш, салбий экологик ҳамда ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича биргаликдаги тадбирларни амалга ошириш йўлидаги минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим эканлигини таъкидлайди;
— аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги жамғармалар, дастурлар ва тузилмалар, халқаро молия институтлари ва бошқа манфаатдор томонларни 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига мувофиқ Оролбўйи минтақасида фанлараро тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ҳамкорликни амалга ошириш, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
Ҳужжатда Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновацион марказини ташкил этилиши ва Оролбўйи минтақасидаги экологик ҳалокатнинг салбий ҳолатларини бартараф этиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Кўпшериклик Траст фонди таъсис қилиниши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан юқори баҳолангани ва қўллаб-қувватлангани ўз ифодасини топган.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан бундан олдин тақдим этилган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида»ги ва «Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва барқарор туризм тўғрисида»ги резолюциялар ҳам бир овоздан маъқуллангани эътироф этилди.
Қайд этиш лозимки, Оролбўйи минтақаси Бош Ассамблея томонидан Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деган муҳим мақомга эга бўлган биринчи минтақага айланди.
Президентимизнинг мана шундай ҳудудни яратиш бўйича ташаббуси 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатлар доирасида дунёнинг турли минтақаларида ҳам татбиқ этилади, десак муболаға бўлмайди.