Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

O‘zbekiston Respublikasining Yaponiyadagi elchixonasi

Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди


 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 июль куни ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ярим йилдан буён бутун дунё кучайтирилган карантин шароитида яшамоқда. Бу мураккаб даврда ҳамма давлатларда энг асосий муаммо аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, даромад билан таъминлаш бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ишсизларнинг 732 минг нафари ёшлар, 834 минг нафари хотин-қизлардир.

Ёшлар муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида жорий йил 30 июнда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ, ёшлар сиёсатини юритишда давлат идоралари олдига масала қўя оладиган, зарур ваколат ва молиявий ресурсларга эга бўлган Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

Хотин-қизлар билан ишлаш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида вертикал тизим яратилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилда умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга киради. 95 мингдан зиёди ишга жойлашган тақдирда ҳам, яна 200 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади. Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.

Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31 та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда меҳнат бозоридаги бугунги талаб ва ёшларнинг уларга тайёрлиги масаласи ҳам таҳлил қилинди.

Жорий ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаблари, 212 та коллеж, 175 та техникумда 215 минг нафар ёшларнинг таълим олиши режалаштирилган. Лекин бу таълим масканларидаги йўналишлар на сон, на сифат бўйича талабга жавоб беради.

Мисол учун, мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлаётган бугунги даврда йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж бор. Бироқ, қурилиш йўналишида 170 та коллежда 13 минг мутахассис тайёрлаш режалаштирилган, холос.

Ёки IT-технологиялар бўйича “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бошланганига қарамай, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларга ушбу мутахассисликлар бўйича бор-йўғи 12 минг нафар ўқувчи қабул қилинади.

Давлат раҳбари бу каби камчиликларни кўрсатиб, меҳнат бозорида ишчи касбларга реал эҳтиёжни ҳар бир тармоқ ва соҳа кесимида аниқлаш, талаб юқори бўлган касблар бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқитиш дастури ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат, транспорт-логистика соҳасидаги йирик корхоналар ва кластерлар давлат берган имтиёз ва преференцияларга жавобан ўзлари учун ишчи-мутахассисларни тайёрлайдиган инфратузилмани барпо этишлари кераклиги таъкидланди. Мутасаддиларга шу бўйича топшириқлар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тижорат банклари билан бирга ёшларни замонавий агротехнологиялар бўйича ўқитишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳудудларига сафарлари чоғида IT-паркларни бориб кўради, ахборот технологиялари бўйича лойиҳаларга алоҳида аҳамият қаратади. Чунки бу соҳада ёшларни иш билан, юқори даромад билан таъминлаш учун катта имкониятлар бор.

Видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага тўхталиб ўтилди. Ҳар бир туман ва шаҳар Ёшлар ишлари бўлимлари ва олий ўқув юртлари қошида ахборот технологияларига ўқитиш марказлари ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Жорий йилда 380 минг нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида “манзилли режа”лар ишлаб чиқилиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқланган эди. Натижада ўтган олти ойда 270 минг нафар йигит-қиз ишга жойлаштирилди.

Йиғилишда дастур ижроси ҳамма жойда ҳам бирдек бажарилмаётгани қайд этилиб, масъуллар огоҳлантириб ўтилди. 

Йил якунигача ёшларнинг 360 миллиард сўмлик 2 минг 200 та лойиҳасини амалга ошириш орқали камида 10 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Ёшлар учун яна бир муҳим янгилик – Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қошида Венчур фонд ташкил этилиши белгиланди. Ушбу жамғармага дастлаб 1 миллион доллар йўналтирилади.

Шунингдек, стартап лойиҳалар танловини ташкил этиш орқали жорий йилда ҳар бир вилоятда камида 10 та, келгуси йилдан бошлаб йилига камида 20 та энг яхши стартап лойиҳаларга 50 миллиондан 200 миллион сўмгача грант ажратилади. Бундан ташқари, қудуқ қазиш, суғориш воситалари харид қилиш, иссиқхона ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар сотиб олиш учун ёшларга субсидиялар берилади.

Ёш тадбиркорларга ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг, банк ва бошқа соҳалар бўйича консалтинг хизматлари харажатлари қопланади. Президент ушбу чора-тадбирлар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда 20 мингга яқин аёл оғир турмуш шароитида яшаши, шундан кўплари профилактик ҳисобда туриши афсус билан қайд этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлни ҳаётга мотивациялаш ва касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари рўйхатини шакллантириб, ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастури доирасида соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Микроқарз олиш ниятидаги ёшлар ва аёллар тадбиркорликка бепул ўқитилиб, йилига 5 минг нафар ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. 14 июлда имзоланган тадбиркорликни ҳамда кичик саноат зоналарини ривожлантиришни молиялаштиришга доир Президент қарорида, жумладан, ушбу мақсадларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2 миллион доллар кредит ажратилиши белгиланди. Бу маблағ ёшлар ва аёллар ишсизлиги юқори бўлган қишлоқ жойларда имтиёзли микроқарз ажратиш учун микромолия ва нодавлат ташкилотларга берилади. Чунки бундай нодавлат ташкилотлар банкларга қараганда кам ресурслар билан ҳам ўқитиб, 2-3 баравар кўп иш ўрни яратаяпти. Кредит қайтими ҳам банкларга қараганда анча юқори.

Шу боис нодавлат ташкилотлар ўртасида танлов ўтказиб, энг яхши ўқув марказига грант ажратиш тизими жорий этилиши белгиланди.

Жаҳон банкининг 2 миллион доллар маблағи доирасида 15 минг нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш лойиҳаларини жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар, Андижон, Наманган ва Фарғона тажрибаси бўйича мазкур вилоятлар ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

Давлат раҳбари томонидан кўрилаётган бу чора-тадбирлар замирида иккита энг асосий мақсад – ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, натижада оилаларга барқарор даромад манбаи яратиш мақсади мужассам. 



  ...